СТРАТЕГИК МУАММОЛАР:
Қўшилган қиймат занжирининг ривожланиши қишлоқ хўжалиги рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Маҳсулотларни даладан якуний истеъмолчигача етказиб бериш, яъни йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва сертификатлаш харажатларининг юқорилиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан олинадиган фойдани камайтиради. Озиқ-овқат саноатининг паст даражада ривожланганлиги юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш имконини чекламоқда.
Инфратузилмани ривожлантиришга инвестицияларни жалб этиш мақсадида тараққий этган молиявий бозорлар, қулай ишбилармонлик муҳити, шунингдек, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва ишлаб чиқариш-сотиш занжирларини ривожлантиришга қаратилган чораларни кўриш талаб этилади. Сўнгги йилларда кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан турли молиявий манбалар, шу жумладан, халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан замонавий омборхоналар ва қайта ишлаш ускуналари учун инвестициялар йўналтирилмоқда.
Шунга қарамасдан, улар қайта ишлаш корхоналари ва экспорт қилувчи ташкилотлардан ажралиб қолмоқда. Кичик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини бирлаштиришнинг самарали механизмлари тўлиқ шаклланмаганлиги сабабли уларнинг фаолияти тарқоқлигича қолмоқда. Бу эса юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришишга тўсқинлик қилмоқда ҳамда уларнинг қўшилган қиймат занжирларига бирлашиш имконини чекламокда.
Халқаро стандартлар ва сифат талабларига жавоб берадиган лабораториялар, улгуржи бозорлар ва логистика марказлари, шунингдек, божхона ва чегара масканларида мева-сабзавот маҳсулотларини фитосанитария назоратидан ўтказиш учун замонавий жиҳозлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Бу ўз навбатида етиштириладиган ва сотишга чиқариладиган маҳсулотлар ҳажмини ошириш, қўшилган қийматни кўпайтириш, экспорт географияси ва маҳсулот турларининг диверсификация қилинишига тўсқинлик қилмокда.
Санитар ва фитосанитар назорат миллий ҳуқуқий базасини Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ва мақсадли ташқи бозорлар стандартлари билан мувофиқлигини таъминлаш орқали қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотида 70 фоиздан ортиқ улушга эга бўлган деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан тайёрлов, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари етарли даражада ривожланмаган.